O’zLiDeP фаоллари жиззахлик ёш тадбиркорлар фаолияти билан танишди

24.03.2022, 11:12

O’zLiDeP фаоллари жиззахлик ёш тадбиркорлар фаолияти билан танишди

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” гуруҳи фаоллари томонидан тадбиркор ёшлар фаолияти билан яқиндан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида бир қанча учрашувлар ташкил этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Нигматова, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси масъул ходими Элёр Жўраевлар ҳам таклиф этилган учрашувлар давомида, маслакдошларимиз, дастлаб Жиззах шаҳридаги Жиззахлик маҳалласидаги Гулҳаё Ботирова хонадонига ташриф буюришди.

Тадбиркор қиз тижорат банкидан 33 млн. сўм имтиёзли кредит олиб паррандачиликни йўлга қўйган. Мулоқот давомида тадбиркор қиз фаолияти, келгуси иш режалари ҳақида гапириб берди. Маҳалларда фаолият бошлаган O’zLiDeP фаоллари бўлган ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчисига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Дилфуза Юсупова эса тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Айни пайтда 3 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлашга эришган. Суҳбат чоғида Дилфуза меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб,  ёшларга берилаётган кенг имкониятлар, имтиёзлар, солиқ тизимидаги янгиликлар тўғрисида ўзини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилди. Унинг барча саволларига батафсил жавоблар қайтарилди.

Якка тартибдаги тадбиркор Комил Джабборов эса косибчилик билан шуғулланади. 18 хил турдаги маҳсулот тайёрлаётган косиб 4 нафар кишининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Унинг келгусидаги режалари амалга ошса, яна 10 нафардан ошиқ кишининг бандлигини таъминлаш мумкин.

Ишчи гуруҳ аъзолари ёш тадбиркорнинг янги бизнес режасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган бўлдилар.

Ёш тадбиркорлар билан мулоқотлардан сўнг, бундан кейин ҳам доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар, таклифлар умумлаштирилиб, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиладиган бўлди.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    781
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+