Ғалла етиштиришда жорий этилаётган янги ислоҳотлар

17.05.2022, 10:20

Ғалла етиштиришда жорий этилаётган  янги ислоҳотлар

Халқимиз азалдан нонни азиз неъмат ҳисоблайди. Нонга эҳтиром турмуш тарзимиздан, маънавиятимиздан чуқур жой олган. Уни эъзозлаган кишининг ризқи янада зиёда бўлади. Зеро, “нонга эътибор — элга эътибор”, “нонга ҳурмат — элга ҳурмат” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ушбу сўзларнинг замирида жуда катта маъно мужассам.

Шу боис, буғдойни, нонни улуғ неъмат сифатида эъзозлаб, кўзига тўтиё қилиб яшайдиган халқимиз деҳқон ва фермерларнинг оғир меҳнати, азму шижоатининг ҳам қадрига етади, юксак баҳолайди. Уларнинг фидойилиги, тинимсиз ва машаққатли меҳнати эвазига дастурхонларимиз тўкин, бозорларимиз фаровон.

Яқинда ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш маслалари муҳокама қилингани бежиз эмас.

Чунки “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмас. Ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилмаётгани, шунингдек давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган.

Шунингдек, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти. Йиғилишда ушбу масалалар тилга олинар экан, Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етгани айтилди.

Бу борада барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда, 1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши қайд этилдики, бу кўпчиликнинг айни кўнглидаги гап бўлди.

Айниқса, фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилиши, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши фермер хўжаликларимиз ва миришкор деҳқонларимизга қанот бағишлади.

Эндиликда қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқаради. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўрт́адаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан буён фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Сир эмаски, буғдойни фермер ва кластерлар етиштиради. Демак, унинг ҳақиқий эгаси ҳам улар. Шу маънода, энди туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди.

Замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш учун транспорт харажатлари ҳам қоплаб берилади.

Умуман олганда, мамлакатимизда тўкинлик, мўл-кўлчилик, арзончилик барқарор. Бу Президентимиз раҳнамолигида халқ фаровонлигини юксалтириш, нарх барқарорлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг самарасидир. Зотан, фермер биржага чиқиб, ғалласини ўзи мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан кўнгли тўлади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати

  • Кўрилди
    629
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+