Конституциявий ислоҳотларда O‘zLiDeP ишчи гуруҳлари фаол иштирок этади

25.05.2022, 17:24

Конституциявий ислоҳотларда O‘zLiDeP ишчи гуруҳлари фаол иштирок этади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича тузилган миллий комиссия ҳамда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда O’zLiDePнинг ўрни” мавзусида кенгайтирилган қўшма йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда, айниқса сиёсий-ижтимоий жараёнларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида конституциявий ислоҳотларни ҳам ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўяётгани таъкидланди.

Амалдаги Конституция мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқ ва катта ўзгаришларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори ва энг асосий кафолати бўлиб келди. Лекин замон шиддат билан ўзгараяпти. Шундай экан асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги улкан марраларга, шиддатли ислоҳотлар ўзанига мослаштириш бугунги куннинг асосий талаби эканлиги қайд этилди. Зотан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб берди, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил устувор бўлди.

Айтиш керакки, Конституцияни такомиллаштириш масаласи ўтган йилги сайловолди жараёнларида партиямиздан президентликка кўрсатилган номзод ҳамда ишончли вакилларнинг аҳоли билан учрашувларида қарийб барча ҳудудларда сайловчиларимиз томонидан кўтарилган эди. Хусусан, сайловолди учрашувларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролик жамиятини, маҳалла, оила институтини ривожлантириш, давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишга масъуллигини ошириш, ёшлар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фанни янги босқичга кўтариш, экология, она табиатни асраш борасидаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Мазкур таклифлар замирида аслида халқимизнинг орзу-истаклари мужассам. Шу боисдан бу таклифларни аслида халқимиз томонидан илгари сурилган таклифлар деб қараш тўғри бўлади.

O’zLiDeP ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси конституциявий ислоҳотларни якдиллик билан қўллаб-қувватлаган ҳолда бу борада ҳудудий партия ташкилотлари билан бирга аҳоли кенг қатламлари орасида, тадбиркорлик субъектлари, бошланғич партия ташкилотларида мавзу юзасидан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказиш ва уларнинг таклиф ва тавсияларини ўрганиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда бу борадаги ишларни тўғри ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ва алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

  • Кўрилди
    757
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+