БПТлар фаолияти танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди

20.06.2022, 16:05

БПТлар фаолияти танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилди

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги йиғилиш Конституцияни ислоҳ этиш жараёнида партия ташкилотлари ролини кучайтириш масаласига бағишланди.

Партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Обидов бугунги мамлакат учун туб бурилиш палласида кечаётган сиёсий жараёнларда уюшқоқлик билан самарали иш олиб бориш лозимлиги борасида сўз юритди.

- Партиянинг таянчи бўлган бошланғич партия ташкилотларида ҳам мазкур йўналишдаги фаолиятни янада жонлантириш лозимлиги, конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги таклифларни йиғишда уларнинг барча имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим. Негаки, партия негизидаги бошланғич ташкилотлар турли корхона, ташкилот, муассаса, бирлашма, уюшма, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилганки, бу ўз навбатида аҳолининг турли қатламлари фикрини ўрганишда, уларнинг таклифларини олишда қўл келади,-деди партия вилоят Кенгаши раиси.

Шунингдек, “Аёллар” ва “Ёшлар қаноти” ҳам бунда уюшқоқлик билан фаолият юритиб, партиянинг ҳаётбахш ғоя ва мақсадларини амалга оширишда жонбозлик қилиши лозимлиги ҳақида тўхталди.

Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши Ташкилий-партиявий ва истиқболли кадрлар билан ишлаш бўлими мудири Равшанбек Абдурахимов Ўзбекистонга Конституция ислоҳоти нега зарур бўлиб қолгани ва бутун дунё давлатларида конституциялар янгиланаётгани ҳақида фикр юритиб, дунёда мамлакат Қомусларининг пайдо бўлиш тарихи тўғрисида ҳам қисқача сўзлаб берди.

Тузатиш, ўзгартириш киритиш имконияти барча конституцияларнинг фундаментал хусусияти экани борасида фикр юритаркан, жамият тарихий ривожланишининг турли босқичларида бирдек хизмат қиладиган қомусий матнни биттада ва абадий яратиб қўйишнинг иложи йўқ эканини таъкидлади.

Партия вилоят Кенгаши “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Диёра Болтаева эса ўз сўзида хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, партия туман ва шаҳар Кенгашлари аппарат раҳбарлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбар ва аъзоларига конституцион ислоҳотлар жараёнида уюшқоқлик билан иштирок этишда хотин-қизларнинг ташаббус, ғоялари, фикр ва таклифларини олиш борасида тегишли тавсия ва услубий кўрсатмалар берди.

Йиғилиш якунида унда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларни амалга ошириш юзасидан услубий кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+