Бош Қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш кафолатланадиган бўлди

20.06.2022, 18:03

Бош Қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш кафолатланадиган бўлди

Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Юртбошимизнинг “Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилсин, - деган фикрлари биз партия ходимларини ғоят руҳлантириб юборди.

Зеро, биз доим хусусий мулк дахлсизлиги учун курашиб келганмиз. Партия нуқтаи назарига кўра, мулк – эркинликнинг бош шарти, энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа ҳуқуқлари манбаи, фуқароларнинг ҳимояланиши асосидир. Давлат хусусий мулкдорнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоялаши, ҳар ким ўз мол-мулкини кўпайтириш мақсадида ишлаши мумкин бўлган шароитларни  яратиши керак. Бизнинг фикримизча, қаердаки жамият ва давлат хусусий мулкни ҳурмат қилиш тамойилларига таянса, ўша ерда – тараққиёт, қаердаки инкор этиш устунлик қилса – орқага кетиш кузатилади.

Бугунги учрашувда биз айни шу ғоямизнинг рўёбини кўрдик. Учрашувда ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмаслиги; шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилаш масалалари тилга олинди.

Айниқса, иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Бу ҳам тадбиркорларимиз олдидаги қатор тўсиқларни олиб ташлашга, уларга енгиллик ва қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этгани эса партия хайрихоҳлари бўлган тадбиркорларнинг дилидаги айни муддао бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозимлиги ҳам айтилдики, бунинг замирида жуда катта ғамхўрлик ётибди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўтказилган учрашувда кўриб чиқилган ҳар бир йўналишдаги масалалар конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эгалигини яна бир бор исботлади.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    391
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+