O'zLiDeP ва ЎзМТДП фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди

23.06.2022, 11:16

O'zLiDeP ва ЎзМТДП фракцияларининг  қўшма йиғилиши бўлиб ўтди

2022 йил 23 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари, уларнинг мазмун-моҳияти шунингдек, Конституциявий ислоҳотлар жараёнининг навбатдаги босқичида O'zLiDeP ҳамда ЎзМТДП фракцияларининг ўрни ва роли ҳақида фикр алмашди.

Депутатларнинг таъкидлашича, Конституциявий ислоҳотлар бугун шиддат билан ўзгараётган замоннинг ўзи олдимизга муҳим талабларни қўймоқда. Жаҳонда кескин трансформация жараёнларини кучайиб бориши ва энг асосийси, мамлакатимизда инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсизлиги, манфаатлари юксак даражага кўтарилганлиги ҳам конституциявий ислоҳотлар ўтказиш заруратини келтириб чиқарди.

Фракция аъзолари Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда илгари сурган таклифлари ва ташаббусларини тўла маъқулладилар. Шунингдек, Конституциявий комиссиянинг фаолиятини ижобий баҳоладилар.

Йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан конституциявий ташаббус орқали киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида давлат қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини, тадбиркорликнинг ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, ҳалол рақобат ҳимоя қилинишини, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишларини мустақил танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, ер ҳам хусусий мулк бўлиши мумкинлиги, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, ўрмон фонди ерлари давлатга тегишлилиги ва у ижара шартномалари асосида фуқароларга ажратиб берилиши, давлат бюджетини кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиб-таомили жамият учун очиқлиги, давлат фуқароларнинг бюджет жараёнида фаол иштирок этиши учун зарур чора-тадбирларни кўришига оид нормалар ўз ифодасини топган.

O'zLiDeP фракцияси аъзоларининг айтишича, ер муносабатларини Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириб, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ушбу қонун лойиҳаси маромига етказиб тайёрлангани, лойиҳани тайёрлаш жараёнида партия фракцияси аъзоларининг кўпчилиги иштирок этгани, партия ғоя ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қатор таклифлар бергани айтиб ўтилди.

Қўшма йиғилишда Конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар атрофлича кўриб чиқилиб, қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қўллаб-қувватланди.

  • Кўрилди
    436
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+