ШҲТ — дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади

02.08.2022, 12:20

ШҲТ — дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти унга аъзо давлатлар манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилади. Энг асосийси, ШҲТга аъзо давлатлар минтақада тинчликни сақлаш, ўзаро савдо ва логистика муносабатларини ривожлантириш, товар айирбошлаш, экспорт-импорт ва халқларимизнинг маданий-маърифий ҳамда дўстлик алоқаларини  юксалтиришга интилаётгани халқимизни жуда мамнун этмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш мажмуавий режаси, ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепцияси, Ишбилармон доиралар ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурлари кўриб чиқилди. Бу ҳужжатлар  2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда маъқулланиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларини қабул қилар экан, бугун дунё оқибатларини прогнозлаштириш қийин бўлган, олдиндан айтиб бўлмайдиган туб трансформация жараёнларини бошидан кечираётганини таъкидлади. Ўзбекистон етакчиси анъанавий кооперация ва логистика занжирлари бузилаётгани, жаҳон мамлакатларининг аксариятида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги вазият кескинлашиб, инфляция кўрсаткичлари шиддат билан ўсаётгани, ижтимоий-иқтисодий аҳвол ёмонлашиб бораётганини кўрсатиб ўтди. Бундай мураккаб шароитда хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдид солаётган замонавий хатарларга мос равишда чора кўриш учун саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва кўп томонлама асосда яқиндан ҳамкорлик қилишга эҳтиёж кучайиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

Демак, бундан кўриниб турибдики, ШҲТ томонидан минтақани сиёсий, иқтисодий ва илмий-интеллектуал салоҳиятига кўра янада ривожлантириш учун ҳали кўп ишлар қилишга тўғри келади. Бинобарин, Ташкилот мамлакатлари ҳиссасига жаҳон ЯИМнинг қарийб чорак қисми ва сайёрамиз аҳолисининг ярми тўғри келаётгани ҳам унинг салоҳиятини белгилаб турибди.

Шундай экан, минтақа ичидаги савдони, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик бўйича концепция ва дастурлар ишлаб чиқиш, “Яшил” иқтисодиёт, инновациялар, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳа тайёрлаш бугунги глобаллашув даврида жуда муҳимдир.

Сўзимни якунида шуни алоҳида эътироф этмоқчиманки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бу – ўз халқи, мамлакати равнақи йўлида ҳаракат қилаётган давлатларнинг ўзаро дўстлик ва қардошлик уюшмасидир. Шундай экан, мамлакатимизни бу ташкилот билан алоқаларини биз қўллаб-қувватлаймиз. Зотан, юрт истиқболи ва келажаги яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғлиқ.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    456
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+