Хазорасплик томорқачи Рустам ота тажрибаси оммалаштириладиган бўлди

05.08.2022, 15:54

Хазорасплик томорқачи Рустам ота тажрибаси оммалаштириладиган бўлди

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, доимий ва қўшимча даромад манбаига эга қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудларда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Хазорасп тумани “Гулшан” маҳалласи аҳолиси ҳам ўз томорқаларида мўжазгина иссиқхоналар ташкил этиб, бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмасдан деҳқончилик билан шуғилланиб келишмоқда. Мазкур маҳаллада яшовчи Рустам ота Хажиев мамлакатимизда томорқачилик ва иссиқхоначиликни ривожлантиришга қаратилган эътибор  ва имкониятлардан фойдаланиб бундан 5 йил олдин ўзининг 7 сотихлик уй томорқасида мўжазгина иссиқхона ташкил қилди, лимон етиштиришни йўлга қўйди. Ҳозирда бу ерда 100 туп лимон кўчатидан йилига 4 тонна ҳосил олинмоқда.

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов Хоразмдаги учрашувлари давомида мазкур хонадонда бўлиб, маҳалла фаоллари, томорқачилар ва туман масъуллари иштирокида амалий семинар ўтказди.

Семинар давомида «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида Рустам ота тажрибасини оммалаштириш ва маҳалла аҳолисини лимончилик билан шуғилланиб даромадларини янада ошириш лозимлиги эътироф этилди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, хотин қизлар фаоли ва ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда маҳалла аҳолисининг ишсиз қатламини ва уй томорқаси имкониятларини ҳисобга олиб, 400 та хонадонда лимончилик иссиқхоналарини ташкил этиш бўйича керакли вазифаларни белгилаб олдилар.

Рустам ота фақат лимончилик билан чекланиб қолмаганлар. Тиниб тинчимас деҳқонимиз 55 бош қорамол ва 100 бошга яқин куркаларни ҳам парваришлаб, чорвачилик ва паррандачилик борасида ҳам ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.

Партия етакчиси А.Хаитов бу йўналишларда ҳам отанинг тажрибасидан кенг фойдаланиш, маҳалладаги ёшларни мазкур соҳаларга қизиқтириш, сир-асрорларини ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармаси ҳисобидан Рустам отага наслдор “қора шахзода” номли товуқлар ва уларни кўпайтириш бўйича инкубация ташкил қилиб бериладиган бўлди. Маҳалла фаоллари билан паррандачиликка қизиқувчи маҳалла аҳолисини мазкур зотдор товуқларни етиштиришга ихтисослаштириш бўйича келишиб олинди. Таъкидлаш жоиз, ушбу наслли товуқлар 7-8 ойда етилиб, 4-6 килограмгача тош босишини инобатга олинса, бу аҳоли даромадларининг ошишига ва бандлигининг таъминланишига хизмат қилиши аниқ. 

Насиба Ваисова,

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

жамоатчилик билан алоқалар ва

мафкуравий тарғибот бўлими мудири

  • Кўрилди
    662
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+