Иқлим кенгашини тузиш – инсониятни асрашга йўл

23.09.2022, 11:45

Иқлим кенгашини тузиш – инсониятни асрашга йўл

Кўҳна Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТнинг навбатдаги саммити тарихий қарорлар қабул қилинган майдон бўлди. Айниқса, нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг иқлим ўзгаришига қарши чоралар бўйича қўшма баёнотини қабул қилиши Самарқанд саммити экологик дипломатиянинг асоси бўлади, дейиш мумкин.

Бугунги кунда халқаро муносабатлар мураккаб инқирозни бошдан кечирмоқда. Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемия оқибатлари, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги, табиий офатлар, ерларнинг деградацияси, чўлланиш ва ҳоказолар иқтисодий номутаносиблик ва ижтимоий кескинликларга олиб келмоқда. Кучли сув тошқинлари, қурғоқчилик, жазирама кузатилмоқда. Буларни ҳал қилишда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш жуда муҳим.

Шу мақсадда Самарқанд саммитида ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш ташаббуси илгари сурилди ва кенгашга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит, экология масалалари бўйича институционал асосларни мустаҳкамлашга ҳизмат қилиши белгиланди. Айтиш жоиз, ШҲТга аъзо давлатлар ҳам доимий равишда янги тадбирларни бошлаб келмоқда. Хусусан, Хитой атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, атроф-муҳитни ривожлантириш институти, ахборот алмашиш платформаси ва ШҲТнинг экологик инновацион базасини яратишга кўмаклашмоқда. Қозоғистон ташкилотга аъзо мамлакатларнинг экологик муаммолар реестрини тузиш, ШҲТнинг экотизим рақамли харитасини ишлаб чиқиш, Орол денгизининг қуриган тубини фитолесомелиорация қилиш ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва экологик туризмни ривожлантириш дастурини қўллаб-қувватлайди. Тожикистон музликларни ҳимоя қилиш халқаро жамғармасини, Ўзбекистон — ШҲТнинг “яшил белбоғ” дастурини ва Орол минтақаси экологик муаммоларини ҳар томонлама ҳал этишни (БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси доирасида) қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Ҳиндистон инновация ва стартаплар-экотизимлар бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилмоқда.

Умуман олганда, ушбу анжуман минтақавий ва глобал мулоқот майдони бўлибгина қолмай, ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда салмоқли ҳисса қўшади.

Бахтибой АЛДАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    526
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+