Қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши оқилона ва тўғри курашиш керак

09.11.2022, 11:18

Қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши оқилона ва тўғри курашиш керак

Табиат фақат одамзоддан иборат эмас. Биз билан ёнма-ён ҳайвонот ва наботот олами ҳам ҳаёт кечиради. Шу ўринда ўсимликлар дунёсига хавф соладиган вируслар, турли зараркунанда микроорганизм ва ҳашаротлар борлигини, қишлоқ хўжалиги экинлари доим бу зараркунандалар ҳужуми остида яшашини таъкидлаш ўринли. Шуни ҳисобга олсак, ўсимликларни ҳимоя қилиш қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг кафолати дейиш сира муболаға бўлмайди.

Бугун Ер юзида глобал иқлим ўзгариши кузатилмоқда. Сайёрамиздаги ўртача ҳарорат ўтган ўттиз йилда бир даража ошди. Ҳашарот ва зараркунандаларнинг янги турлари пайдо бўлди. Бу жуда катта муаммо. Дейлик, Ўзбекистонда қиш илгаригидек совуқ бўлмаяпти. Баҳор эрта бошланаётгани туфайли ўсимликлар уйғонгунча ухлаб ётадиган ҳашаротлар уларнинг уйғонишини кутиб, озиқланишга тайёр турибди. Ўсимлик ҳали ўзини ўнгламасидан туриб, ҳашаротлар унга чанг соляпти ва экинларга катта зарар келтирмоқда...

Келинг, шу вазиятга бошқача назар билан қарайлик. Ҳашаротлар ҳам биологик тур сифатида яшаши ва кўпайиши керак. Масалан, пахтани териб олганимиздан кейин ғўзапояси олиб кетилади. Ерга гумус сепилмайди. Натижада тупроқдаги кўзга кўринмас микроорганизмлар оч қолади. Шунинг учун ҳам улар баҳорда униб чиққан ўсимликни ейишга тайёр туради. Деярли барча тупроқ микроорганизмлари “сапрофит организмлар”, яъни чириндихўрлар гуруҳига мансуб. Улардаги бу хусусиятнинг фойдали томонлари ҳам бор, албатта. Лекин ерда чирийдиган нарсанинг ўзи қолмаса, улар озиқланишга қийналади.

Ҳозир кўп жойларда ғўзапоянинг кўр-кўрона майдаланиб, далага сепилиши натижасида зараркунанда кенг тарқалмоқда. Агар тупроқда “ўлик” чиринди етарли бўлса, зараркунандалар қиш бўйи шулар билан озиқланади ва экинларга бу қадар тажовузкор ҳужум қилмайди. Дала майдонларига сепиладиган ўғит, бир томондан, ўсимликларга озуқа бўлса, иккинчи томондан, турли тупроқ зараркунандаларини ҳам озуқа билан таъминлайди. Натижада яхши ўғитланган ва зараркунанда ҳужумига учрамаган дала юқори ҳосил беради.

Ер курраси шундай мукаммал ва мураккаб экотизимки, унда йирик ва майда ҳайвонлар, ўсимликлар қатори ҳашарот ва бактерияларнинг ҳам ўз ўрни бор. Бирор ҳашарот ёки зараркунандани буткул йўқотишга уриниш, уларга қарши кураш агротехнологияларига риоя қилмаслик зараркунандаларнинг курашувчанлигини оширади.

Авваллари беда қандаласи асосан боғлар орасидаги бедазорда учрарди. Ҳозир бу зараркунанда ғўзага катта зарар етказяпти. Сабаби, беда қандаласи озиқланиб, насл қолдириши учун шароит ўзгарди. Энди у янги озуқа манбаига ўта бошлади. Зараркунандаларнинг бир экин туридан иккинчисига тез ўтаётгани замирида ҳам глобал исиш даврида кузатилаётган қурғоқчилик, зараркунандаларга қарши кескин курашишда уларнинг биологияси билан ҳисоблашмаслик каби омиллар ётибди.

Жаҳон аҳли коронавирус билан яшашни ўргангани каби зараркунандалар билан яшашни ҳам ўрганиши керак. Бунинг учун инсоният нафақат ўзи учун озуқа яратиш, балки бу жараёнда атрофдаги тирик ҳаётни бузмаслик ҳақида ҳам ўйлаши зарур. Ана шунда экологик мувозанат бузилишининг олди олинади.

Дунё миқёсида “қопқон” агротехнологиялари ишлаб чиқилаётгани бежиз эмас. Бу жараёнда далада зараркунандалар озиқланиши учун атайлаб махсус ҳудудлар барпо этилади. Шу билан катта иқтисодий самарага эришилади. Аксинча, ҳашаротларга қарши кимёвий кураш олиб бориш уларнинг йўқолишига эмас, балки янада чидамли турларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Демак, уларнинг табиий ареалини сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган агротизим яратиш Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва яшил иқтисодиёти учун ўта муҳим.

Яна бир муаммо – глобал исиш туфайли кундузги ва тунги ҳарорат ўртасидаги фарқ  ҳаддан зиёд қисқариб кетди. Яъни меъёр бузилган.   Илгари кундузи 50 даража иссиқ бўлса ҳам кечаси ҳарорат 19-20 даражага тушарди. Шунинг учун гулларнинг чангланиши осон кечарди. Ҳозир эса ўсимлик гуллайди, лекин гуллари чангланмагани учун мева тугмайди. Далаларга чиқсангиз, бу ҳолатга  гувоҳ бўласиз. Масалан, ғўзанинг биринчи гуллагани кўсак туккан, қолганлари эса гуллигича турибди. Чунки ҳозир кундузи Ўзбекистонда тупроқ 40-45 даражагача қизиса, кечалари ҳарорати 35 даражадан пасаймаяпти.

Орол денгизи қуриди. Музликлар эриди. Бир неча ўн йиллар аввал айнан шу тоғлардаги музликлардан совуқ ҳаво оқими келиб, тунги ҳавони совитарди. Ҳозир эса гармсел одатий иқлим шароитига айланди. Шунинг учун ҳосилдорлик камайган. Вазиятни тўғрилашнинг ягона йўли — иссиққа чидамли ўсимликлар навини яратиш ва юқори ҳароратда ҳосил тугиши учун экинларга янги авлод биостимуяторлари билан ёрдам бериш.

Глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган яна бир катта муаммо — ҳавода карбонат ангидрид гази кўпайиши ва “иссиқхона эффекти” натижасида ўсимликларни ҳимоялаш, ўғитлаш ва гулнинг чангланиб мева тугишидаги мураккабликларнинг юзага келиши. Аслида карбонат ангидриднинг ҳавода кўпайиши ўсимликлар учун айни муддао. Улар бу газ билан озиқланади, лекин у ҳаддан зиёд кўпайса, ўсимликлар гуллашига тескари таъсир қилади. Тайёр озуқа турганда ўсимликларнинг гуллаш суръати кескин пасаяди. Олимларнинг фикрича, кейинги юз йилда ҳавода карбонат ангидрид миқдорининг ошиши туфайли ўсимликлар тўла гулламай қоляпти.

Шунинг учун дунё иқтисодиёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳаводаги карбонат ангидрид миқдорини камайтирувчи яшил технологияларни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Буғдой ва ғўза инсониятга ҳаводаги карбонат ангидридни камайтиришда ёрдам берадиган олтита ўсимлик қаторида қайд этиляпти. Бу экинлар юртимиздаги асосий майдонларга экилишини инобатга олсак, Ўзбекистон дунё яшил иқтисодиётига катта улуш қўшиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, зараркунандаларга қарши курашиш учун мавжуд иқлимий вазиятдан келиб чиқиб, масалага илмий ёндашиш талаб этилади. Шундагина қишлоқ хўжалигидан юқори ҳосил олиш ва соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш мумкин бўлади.

Шозафар Шоаҳмедов,

O'zLiDeP Ёшлар қаноти фаоли,

“ECO VIRIN AGRO” МЧЖ директори

  • Кўрилди
    387
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+