Ўзбекистон —Франция ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади

23.11.2022, 15:03

Ўзбекистон —Франция ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади

Жаҳон тарихида дунё билан дўстона муносабатларимиз теран илдизларга эга эканига Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг Европа қироллари билан олиб борган мулоқотлари, айниқса, Франция қироли Карл VI билан ёзишмалари ёрқин далил бўла олади. Хусусан, 1402 йилда Карл VI Амир Темур билан мустаҳкам сиёсий алоқаларни ўрнатишга интилди. Улар ёзишмаларининг бир қисми Франция ҳужжат архивида сақланади. Мазкур мактубларда Амир Темур қиролнинг Шарққа нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз давлати билан Франция ўртасида савдо-сотиқ йўлга қўйилишининг аҳамиятига эътибор қаратади.

Албатта, ана шу неча-неча асрлардан буён давом этиб келаётган дўстона муносабатлар бугунги кунда янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур мамлакатга амалий ташрифи бунга яққол мисол бўла олади.

Париждаги Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти билан музокоралари, давлат раҳбарларининг Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини ва муносабатларни юксак даражадаги кенг қамровли шериклик руҳида ривожлантиришга келишиб олганликлари расмий ташрифнинг муваффақиятли ўтганидан далолат бериб турибди.

Албатта, етакчилар икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган жорий йилда икки томонлама алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот чуқурлашиб, халқаро ташкилотлар доирасида томонлар ўзаро кўмаклашаётгани, парламентлараро мулоқот кенгайганини мамнуният билан қайд этдилар.

Кейинги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхона ва лойиҳалар сони уч баробар кўпайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг жорий портфели 5 миллиард евродан ошди. Энергетика, геология-қидирув, озиқ-овқат саноати ва савдо соҳаларида «Total Eren», «Veolia», «EDF», «Orano», «Lactalis», «Carrefour» ва «Shiever» каби халқаро миқёсдаги компанияларнинг ўзаро манфаатли фаолияти қайд этилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратилиб, томонлар Самарқандда Франция альянсининг бўлинмаси очилишини қўллаб-қувватладилар ҳамда жорий йил 27-28 ноябрь кунлари Парижда иккинчи Ўзбекистон-Франция таълим форумининг ўтказилишини олқишладилар. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Икки давлат етакчилари Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросига бағишлаб Лувр музейида “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” ва Араб дунёси институтида “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмалари очилишини мамнуният билан қайд этдилар.

Қувонарли томони шундаки, дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бири – Франция билан Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли давлат сифатида бир-бирига дўстона қўл узатиши, ўзаро иқтисодий ҳамкорликларнинг йўлга қўйилиши бу юртимиз истиқболини янада нурафшон бўлишидан далолат беради. Зотан, бугун Янги Ўзбекистонга дунё қучоқ очмоқда.

 Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    437
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+