Аҳоли бандлигини таъминлашда яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим

16.12.2022, 12:06

Аҳоли бандлигини таъминлашда яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим

Фойдали меҳнат қилиб, рўзғорига ҳам, давлатга ҳам наф келтираётган кишининг ўй-фикри, дунёқараши ва келажакка ишончи юксак бўлади. Чунки у ўз меҳнати билан оила боқяпти, фарзандларни камолга етказяпти ва қолаверса, жамият олдидаги бурч ҳамда мажбуриятларини  тўлақонли адо этяпти. Бинобарин, аҳолининг бандлиги юрт  тараққиётининг муҳим шартидир.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида асосан шу масалалар муҳокама қилинди. Унда айтилганидек, йил бошидан тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 2 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнат орқали даромадли бўлди. Оилаларга деҳқончилик учун тарқатилган 100 минг гектар ерларда, 1 миллион 200 минг аҳоли доимий ва мавсумий банд бўлди.

Ҳудудларда корхоналар 85 мингтага кўпайиб, уларнинг сони 550 мингтага етди. Бунинг ҳисобига 2022 йилда даромад солиғи тўлаётган расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошди.

Шунингдек, 3,5 мингта саноат лойиҳаси ишга туширилиб, 160 мингта доимий иш ўрни яратилди. Янги Ўзбекистон массивлари қурилаётгани, ипотека ва қурилиш бозори кенгайгани ҳисобига бу йилнинг ўзида 4,5 мингта янги қурилиш корхонаси ташкил этилди ва 135 минг доимий иш ўрни яратилди.

Бу яхши аммо, яратилган имкониятларга қарамасдан бир қатор туманларда аҳоли учун зарур иш ўринлари очишга эътибор қаратилмаётгани ҳам йиғилишда алоҳида айтиб ўтилди. Хусусан, 2022 йил давомида доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган. Айниқса, хусусий секторда фаолият кўрсатаётган  232 мингта корхонада 1 нафардан ишчи фаолият кўрсатаётгани  ҳалиям “яширин иқтисодиёт” шароитида иш олиб борилётганини кўрсатмоқда. Бундай ҳолат, Нукус, Зарбдор, Миришкор, Музработ, Каттақўрғон туманларида – 80 фоиз, Жондор, Косон, Ургут, Пастдарғом, Учқўрғонда – 75 фоиз, Гулистон, Наманган, Қўшкўпир туманларида – 70 фоизни ташкил этмоқда.

Яна шу нарса айтиб ўтилдики, жойларда аҳолига тарқатиш учун ажратилган 100 минг гектар ернинг 4 минг гектарида экин экилмаган.

Шу нарса аёнки, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш учун имкониятлар етарли. Фақат ундан ўзимиз унумли фойдалана олмаяпмиз. Қолаверса, йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, давлатимиз томонидан бу борада қўшимча имкониятлар яратиб берилмоқда. Аҳолини фойдали меҳнатга жалб қилишда маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари астойдил иш олиб боришлари зарур.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    446
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+