Нишонда “Иссиқхона маҳорат мактаби” ташкил этилади

20.01.2023, 15:59

Нишонда “Иссиқхона  маҳорат мактаби” ташкил этилади

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Нишон туманидаги “Жануб машъали” МФЙда жойлашган Алишер Тўйчиевнинг иссиқхоналарида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш борасидаги ишлар билан ҳам танишди.

Тадбиркор иш фаолиятини 2010 йил бошлаган. Ўшанда 4 сотих майдонда помидор экиб, дастлабки йилдаёқ мўмайгина даромад қилган эди. Бугунги кунда бир гектарга яқин майдондаги иссиқхоналарда помидор, бодринг, булғор қалампири, мандарин, апелсин, папая ва лимон етиштириб, нафақат Нишон тумани, балки Қарши шаҳри, Қарши, Ғузор туманлари аҳолиси дастурхонлари тўкислигини таъминлаб келмоқда.

Актам Хаитов туман сектор раҳбарлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддиларига тадбиркор Алишер Тўйчиевнинг тажрибасини оммалаштириб, туманда “Иссиқхона маҳорат мактаби” яратилишини билдирди.

-Бугунги аномал совуқда 40 сотих майдондаги булғор қалампирини котёлда кўмир ёқиб, асраб қолиш бу қаҳрамонликдир, - деди Актам Хаитов. – Бу тадбиркорнинг тажрибасини бутун республика бўйлаб оммалаштирамиз. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда исиқхоналарни кўпайтириш, оилаларни тадбиркорликка йўналтириш бўйича масъул ҳисобланишади. Тадбиркорлар келгусида бу ердан помидор, бодринг, лимон ва бошқа цитрус мевалар кўчатларини олиб кетиб, ўз иссиқхоналарида экишади.

Алишер Тўйчиев 30 сотих майдонда 6,5 минг ведронар навли булғор қалампири экиб, 10 тоннага яқин маҳсулот етиштириб, 150 миллион сўм соф фойда олмоқда. Помидор ва бодринг кўчатлари етиштиришдан 150 минг сўм даромад келиб турибди. Булғор қалампири кўчатлари августда экилиб, ноябрь ойида териш бошланади. Иссиқхона икки қават плёнка билан қопланган бўлиб, экинлар орасидан тортилган қувурлар орқали иситилар экан. Май ойига келиб, булғор қалампир ўрнига бодринг экилади. Бодринг 20, помидор 50 кунда тайёр бўлар экан.

  • Кўрилди
    592
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+