Муқобил энергетика: имкониятдан фойдалана олсак, марра бизники

09.02.2023, 15:28

Муқобил энергетика: имкониятдан фойдалана олсак, марра бизники

Президентимизнинг ўтган ҳафтада водий вилоятларига ташрифи мазкур ҳудудлар, умуман, бутун юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида, туб ислоҳотлар жадаллашувида улкан аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари учрашувлар чоғида моҳият-эътибори билан халқ фаровонлиги ошиши, иқтисодиёт мустаҳкамланишига хизмат қиладиган кўплаб кўрсатмалар, топшириқлар берди.

Бир жиҳатни алоҳида қайд этишни истардик: ташриф мобайнида Президентимизнинг аҳоли талаб-эҳтиёжини яхши билиши, соҳа, тармоқларни янада тараққий эттириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлигидан тўла-тўкис хабардорлиги ва тегишли топшириқлар бериб, улар бажарилишини талаб қилиши яна бир бор яққол намоён бўлди.

Кўпчиликка маълум: табиий газ, нефть, кўмир захиралари чекланган. Уларни қазиб олиш йилдан йилга қийинлашяпти, шу боис нархлари тобора қимматлашяпти. Устига-устак, мазкур ёқилғилардан фойдаланиш табиатга кўп зиён келтиради.  Аҳоли сони, турли корхоналар борган сари кўпаяётган шароитда энг мақбул йўл – қайта тикланувчи  энергия манбаларидан унумли фойдаланиш. Мамлакатимизнинг бу борадаги улкан салоҳиятига кўплаб давлатлар ҳавас қилади. Мисол учун, ўлкамизда йилнинг ўртача 320 куни қуёшли. Доим шамоллар эсувчи ҳудудларимиз, сой, анҳорларимиз ҳам бисёр. Халқаро молиявий институтларнинг ҳисоб-китобига қараганда, республикада муқобил энергия (айниқса, қуёш қуввати)нинг йиллик захираси 270 миллион тонна шартли ёнилғи эквивалентига тенг. Бу реал эҳтиёжимиздан уч баробар кўп. Демак, имкониятлардан самарали фойдалана олсак – марра бизники.

Кейинги беш йил ичида соҳа ривожи учун ҳуқуқий асос яратилди. Хорижлик инвесторлар жалб этилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бирин-кетин қуёш ва шамол электр станциялари, кичик ГЭСлар ишга тушириляпти.

Ташриф дастури доирасида мазкур йўналишга алоҳида эътибор берилгани, Андижон туманида қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилгани “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлидан қайтмаслигимизни, бу йўналишда изчил, айни вақтда жадаллик билан иш олиб бораверишимиздан далолат беради.

Йиғилишда  муқобил йўсинда энергия ишлаб чиқариш бўйича тегишли йўл-йўриқлар берилди, аниқ вазифалар, чоралар белгиланди. Уларнинг ўз вақтида, қай даражада сифатли бажарилиши партиямиз саъй-ҳаракатига ҳам боғлиқ. Зеро, партиямиз дастурий мақсадлари сирасидан қайта тикланувчан ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш, қуёш, шамол энергиясидан синалган технологиялар асосида генерацияланувчи қувватларни, микрогидроэлектростанцияларни қуришга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ҳам ўрин олган. Шунингдек, энергия ресурсларига тежамкор муносабатда бўлиш, энергияни тежовчи технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни аҳоли орасида тарғиб қилиш ҳам устувор вазифаларимиздан. Бинобарин, OʻzLiDeP ташриф давомида бу йўналишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан махсус режа ишлаб чиқиб, уни бажаришга киришди.

Партия ҳудудий кенгашлари ҳам бу борада иш бошлаб юбордилар. Уларнинг айримларини санаб ўтамиз:  давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган муқобил энергетика иншоотлари қурилиши жараёнлари мониторинг қилиниб, жамоатчилик назорати ўрнатилади, қилинаётган ишлар мунтазам равишда жамоатчиликка етказилади. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида шамол электр станцияларини жойлаштириш ва қуриш учун жойлар аниқланади ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда шамол оқимлари йўналишлари таҳлил қилинади.

Мухтасар айтганда, партиямиз куч ва имкониятларини ишга солиб, мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалий ишлар билан қўллаб-қувватлайди.

Дилшод ШОУМАРОВ,

OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    434
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+