Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият

10.02.2023, 16:16

Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият

Халқимизда азалдан холислик, ҳаққонийлик, тўғрисўзлик ва адолатлилик улуғ қадрият саналиб, бу эзгу фазилатлар замирида инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром мужассам десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Давлатимиз раҳбари таклифи билан 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб аталиши ҳам миллатимизнинг ана шу эзгу қадриятлари бардавомлигини таъминлашга хизмат қиляпти.

Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва бу ҳужжат мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.  Шу ўринда 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи  амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бинобарин, мазкур қарори моҳиятида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдек улулғвор мақсадлар ётибди, десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббус ва таклифларини амалга ошириш доирасида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” Глобал форуми ўтказилгани ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди.

Бу қарорнинг яна бир аҳамияти шундаки, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди. Бу дастур орқали 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши белгиланди. Айниқса, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ташкил этилиши эса ёшларимизда бу борадаги билим ва салоҳиятини оширишда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, қарорда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилиши қайд этилди.

Албатта, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурининг тасдиқланиши муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиб, бу дастурни амалга оширишда тегишли вазирлик ҳамда қўмиталар мутасаддилари, депутат ва сенаторлар, қолаверса, кенг жамоатчилик ўзини масъул эканини унутмаслик лозим. Чунки инсон ҳуқуқларини яхши билган мамлакат фуқароси шу мамлакат таараққиётига катта ҳисса қўшади. Зеро, юртимизда адолат ва тараққиётни равнақ топтиришда фуқароларимизнинг ҳуқуқий билим ва салоҳиятини юксалтиришнинг аҳамияти беқиёс.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

    Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    524
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+