Баҳорнинг ҳар дами ғанимат

23.02.2023, 17:08

Баҳорнинг ҳар дами ғанимат

Қишнинг изғирини аҳён-аҳёнда этларни жунжиктирса-да, далаларда  баҳор нафаси  сезилиб қолди. Қишлоқ одамлари кунлар исиши билан дала ишларига киришдилар. Ариқ-зовурларни тозалаш, ерларни текислаш, дала четларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари жадаллик билан олиб борилаяпти.

Актам Хаитов Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалигида амалга оширилаётган баҳорги дала юмушлари билан танишди. Туман фермерлари билан мулоқотда бугуннинг ҳар дамидан самарали фойдаланган ҳолда, қаровсиз ётган далалар четларига тут ва ток кўчатлари экишни жадаллаштириш борасида маслаҳатлар берди. 

- Боғларни яшартириб туриш, олинадиган ҳосил сифатли ва мўл  бўлишини таъминлайди, - деди Актам Хаитов. – Боғбонлар бунга аҳамият қаратишлари керак. Тезкор замонда пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари экиш яхши самара беради. Биз кўриб турган мазкур боғдаги дарахтлар ёшини ўтаган, ҳосилдорлиги ҳам ўзига яраша бўлса керак. Улар ўрнига пакана навли боғлар яратиш керак. Агар мана шу майдонда пакана навли дарахтлар бўлганда, ҳосилдорлик икки баравар кўпайган бўларди.  Халқимизда баҳорда бир кун ишлаган, қишда қирқ кун ётиб ейди деган  мақол бор. Олтинга тенг еримиз бор. Томорқалардаги бир қарич ер ҳам бўш қолмаслиги керак. Аҳоли ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги ишларнинг мазмун-моҳиятни тушунтиришда партиямиз фаоллари, депутатларимиз  жонкуярлик қилишлари керак. Бир туп ток кўчати эллик килогача узум бериш мумкин. Фақат экиш, суғориш ва вақтида озиқлантириб туриш керак. Пиллачиликни ривожлантиришда муҳим омил бўлган тут кўчатларини кўчаларга, дала четларига экишни жадаллаштириш керак.  Ҳозир ерга нимаики қадасангиз, кўкариб чиқади. Манзарали дарахтлар чор атроф мусаффолигни таъминлаш баробарида чўл шароитида экинларни саратон гармселларидан асрайди.

Актам Хаитов фермерлар билан мулоқотда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан таклиф этилаётган қишлоқ хўжалик техникалари ва асбоб ускуналари , интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналар лойиҳаларига буюртма бериш, тақдим этиладиган зарурий ҳужжатлар, молиялаштириш ва мониторинги ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтди.

Партия етакчиси дала четига тут ва ток кўчатлари экди. “Бахт” фермер хўжалигига жамғарма ресурсларидан балиқчилик хўжалиги, интенсив боғ, меваларни сақлашга мўлжалланган 100 тонналик совуткич,  мевали қайта ишлаб шарбат ишлаб чиқарадиган цех қурилиши учун 1,5 миллиард сўм кредит маблағи ажратилишини билдирди.

Тадбир иштирокчиларига “Фермерлар учун маълумотнома” китоби туҳфа этилди.

  • Кўрилди
    545
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+