Ўзбекистонда экспорт ҳажми 30 миллиард долларга етказилади

03.03.2023, 11:16

Ўзбекистонда экспорт ҳажми 30 миллиард долларга етказилади

Бугун юртимизда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш, камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатидаги муҳим йўналиш сифатида қаралмоқда. Куни кеча Президент томонидан имзоланган "Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармоннинг негизида ҳам айни ушбу эзгу мақсад ётибди. 

Фаровон ҳаётни таъминловчи омиллардан бири бу мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишдир. Давлат дастурида бу йўналишда ишга тушириладиган лойиҳалар эвазига 2026 йилда Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми 30 миллиард АҚШ доллари миқдорига етказилиши кўзда тутилган.

Хўш, бунинг учун нималар қилинади?

Энг аввал, экспорт корхоналарни ҳам молиявий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали 2023 йилдаги экспорт ҳажми 23 миллард АҚШ доллари миқдоридан ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун 350 дан ортиқ корхоналарга Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қулай шартларда маблағлар ажратилади. 580 дан ортиқ корхонанинг транспорт харажатлари, 260 та тадбиркорлик субъектининг эса халқаро тан олинган сертификат ва стандартларни жорий этиш харажатлари қоплаб берилади. Албатта, бу корхона учун катта ёрдам бўлади.

Ушбу йўналишда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларнинг улуши кўпайтирилади. Шунингдек, хизматлар экспорти ҳажми ҳам 4,6 миллиард долларга етказилади.

Албатта, жараёнда янги хориж бозорларига кириб бориш учун зарур барча шароитлар яратилади. Хусусан, “Made in Uzbekistan” бренди остида хориж бозорларида шоу-румлар ўтказилиши бу юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, айниқса, қуёш тафти остида етиштирилаётган шириндан-шакар мева-сабзавот каби маҳсулотларимиз учун яхшигина реклама воситаси бўлиб хизмат қилади. Негаки, жаҳон бозоридаги расталарга чиқиш учун маҳсулотни чиройли усулда таклиф қилиш ҳам муҳим саналади.

Давлат дастурида шу каби кўплаб лойиҳалар амалга оширилиши, экспортчи корхоналарнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши орқали кўзланган натижага эришиш мумкин. Бу нафақат бизнинг дунё бозорларини забт этишимизга, балки мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ҳам замин яратади.

Алишер Рўзиев,

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти

Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    641
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+