Янгиланаётган Конституция – халқимизнинг фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир

30.03.2023, 12:04

Янгиланаётган Конституция – халқимизнинг фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир

Бугун халқимиз  муҳим сиёсий жараён арафасида турибди. Бутун мамлакатимизда бўлганидек Бухоро вилоятида ҳам ушбу муҳим сиёсий жараён билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишлари давом этмоқда.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда турли соҳалар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, улар орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.

Парламент қуйи палатаси депутати Мадина Баратова томонидан Когон шаҳар ҳокимлигида ўтказилган учрашув қатнашчилари-таълим  ташкилотлари раҳбарлари ҳамда  мутахасислари ва  маҳалла фаолларига  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўтказиладиган  референдум юзасидан тегишли маълумотлар берилди.

Депутат Референдумни ўтказиш тартиб-қоидаларини тушунтириш билан бирга Конституция лойиҳасида ўз ифодасини топган янги модда ва нормалар хусусида ҳам батафсил сўз юритди.

Таъкидланганидек,  янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни назарда тутади. Янгиланаётган Бош Қомусимиз  фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Учрашув давомида ижтимоий соҳа ходимлари Конституциямиз шарофати туфайли юртимизнинг эртанги кунидан кўнгиллари тўқ эканликларини, бу муҳим ҳужжат юртдошларимиз фарзандларининг соғлом ва баркамол бўлиб етишишлари, халқимиз фаровонлиги кафолати эканлигини ўз сўзларида фахр ва ифтихор билан тилга олиб, жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга якдиллик билан овоз беришларини маълум қилдилар.  Зотан улар бу муҳим сиёсий жараёнга бефарқ эмаслар.

Шунингдек, шаҳардаги соғлиқни сақлаш, пенсия таъминоти, ғазна ва молия муассасалари ходимлари иштирокида ўтказилган учрашувлар чоғида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Баратова ушбу соҳалар бўйича Конституциявий Қонун лойиҳасидаги  46-, 48- ва 63-моддалар бўйича ҳам тегишли тушунтиришлар берди. Учрашувда қатнашган соҳа ходимлари учун айнан шу моддаларда кўзда тутилган нормаларга асосан келгусида иш олиб бориши зарурлиги уқтирилди.

  • Кўрилди
    489
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+