Фаровон ҳаёт учун ижтимоий давлат керак!

03.04.2023, 16:12

Фаровон ҳаёт учун ижтимоий давлат керак!

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан “Олмалиқ шаҳар Кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси моҳиятини соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган соҳа ходимларига кенг тарғиб қилиш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати Атхам Назирқулов, Олмалиқ шаҳар Кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Бекмурод Расулов, партия Олмалиқ шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Абдувоҳид Шодиев, кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари ва ишчи-ходимлари иштирок этишди.

Учрашувда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Атхам Назирқулов бугун юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, инсон қадрини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар,  Конституциямизнинг аҳоли ҳукмига ҳавола этилаётган янги лойиҳасида малакали тиббий ёрдам кафолатланаётгани, давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олаётгани хусусида тўхталди.

Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги белгиланаётганини қайд этди.

Буни ғоят муҳим муҳим ижтимоий кафолат дея баҳолади. Депутатнинг таъкидлашича, аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олаётган ушбу модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутгани билан янада аҳамиятли бўлмоқда.

Тиббий соҳани, шу жумладан унинг нодавлат шаклларини ривожлантириш ҳам давлат мажбуриятларига ўтказилиши фуқароларга сифатсиз тиббий ёрдам кўрсатиш ёки умуман тиббий ёрдам кўрсатмаслик ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашиши муқаррар.

Айниқса, давлатнинг тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олаётгани оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур масалаларнинг Конституция даражасига кўтарилиши – аҳоли саломатлиги миллий манфаатларимизнинг муҳим таркибий қисми эканлигидан далолат беришини таъкидлади.

Ўз сўзи якунида сафдошларини юртимизда рўй бераётган ўзгаришларга бефарқ бўлмасдан, бўлиб ўтадиган умумхалқ Референдумида фаол иштирок этишга ундади.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Теглар
референдум
  • Кўрилди
    309
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+