Давлатнинг олий ҳуқуқий ҳужжати

04.04.2023, 14:28

Давлатнинг олий ҳуқуқий ҳужжати

ТАКЛИФ ЭТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАРГА КЎРА, АСОСИЙ БУРИЛИШЛАРДАН БИРИ ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ ЭКАНИ ҚАТЪИЙ БЕЛГИЛАНАЁТГАНИДА ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛАДИ.

Замонлар ўзгариши билан халқнинг Бош қомусига ўзгартиришлар киритилиши табиий ҳол, албатта. Бу жараён барча мамлакатларнинг тажрибасида кузатилади. Чунки ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичларида шунга жиддий эҳтиёж туғилади.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси мустақил давлатни шакллантиришда, мамлакатни жаҳонга тан олдиришда, тенглар ичра тенг бўлишида тарихий миссияни бажарди. Шунинг учун ҳам у аввал бошдан “давлат – жамият – инсон” тамойили негизида яратилган эди. Ўтган йиллар давомида рес публикамиз ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам оёққа туриб, улкан ютуқларни қўлга кирита бошлагач, энди давлатдан кўра кўпроқ инсонни, унинг ҳуқуқлари кафолатини олий мақсадга кўтариш зарурати туғилди. Модомики, янгиланаётган Конституция лойиҳасидаги янги нормалар “инсон – жамият – давлат” концепциясига амал қилинган ҳолда ишлаб чиқилди. Давлатнинг парламент, ҳокимликларнинг маҳаллий кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти тубдан кучайтирилаётгани ҳам шу тамойилга мос тушади. Миллат сифатида кейинги ҳаракатларимизни аниқлаб олишимиз учун ҳам конституциявий ислоҳотлар керак эди. Адолатли жамият қуриш йўлида ташланаётган улкан қадамдир бу интилишлар.

Дунёда юз бераётган кескинликлар, геосиёсий вазиятнинг мураккаблашуви ва таҳдидларнинг кучайиши Ўзбекистон давлатчилигини янада мустаҳкамлашни тақозо этади. Конституция эса давлатчиликнинг ўзаги ва мазмун-моҳияти саналади. Бугунги кунда ер юзида мавжуд вазиятни таҳлил қилган ҳолда, янгиланаётган Асосий қонунда бир томондан давлат ва унинг органлари тизими, иккинчи томондан эса инсон, фуқаро ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамма учун тушунарли тарзда баён этилаётгани Ўзбекистоннинг янада барқарор бўлишига ва ҳар қандай таҳдидларга қарши зарба бера олиш қобилиятини мустаҳкамлашга асос бўлишини алоҳида таъкидлаш жоиздир. Оддий одамлар билан ҳокимият ўртасидаги мулоқот бугунга келиб тубдан ижобий ўзгаргани, очиқлик сиёсати ортга қайтмайдиган тарзда тус олгани, ўсиб бораётган ижтимоий-иқтисодий талабларни қондириш учун ҳам янгича ҳуқуқий муносабатларга катта эҳтиёж туғилгани айни ҳақиқат. Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, асосий бурилишлардан бири Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги қатъий белгиланаётганида яққол намоён бўлади. Бу эса ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар уч баробарга ошаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида сезиларли енгилликлар берилаётгани, давлат ҳокимияти тизими такомиллашаётгани ва ихчамлашаётганлигини англатади

Мисол учун, 43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистонда 2016 йилгача камбағаллик расман тан олинмаган. Шундай бўлгач, унга қарши бирор амалий чоралар кўрилмаган. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда камбағал қатлам борлигини расман тан олди, фуқароларни ушбу тоифадан чиқариш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди

Камбағалликка барҳам беришнинг биринчи шарти – муносиб иш топиш. Бироқ ишсизликка қарши курашиш тизимли бўлиши лозим. Айнан мана шу жиҳат Конституцияда мустаҳкамланяпти. Давлат ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларни камбағалликдан чиқариш, профессионал касб ўргатиш масъулиятини ўз зиммасига олмоқда.

Яқин йилларгача мажбурий меҳнатдан миллионлаб юртдошларимиз азият чеккан бир пайтда ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири эди, десак хато бўлмайди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг талабларига кўра, “муносиб меҳнат қилиш” деганда шахснинг малакаси ва кўникмаларига мос бўлган меҳнат фаолияти билан эркин шуғулланиш тушунилади. Модомики, Бош қомусимизни чинакам халқона руҳда янгилаш, юртдошларимизнинг меҳнат ва ишсизлик борасидаги ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.

Инсон ишсиз қолмаслиги учун қўлида ҳунари, билими ва етарли тажрибаси бўлиши керак. Бунинг учун эса улар доимий ўқиши, малака ошириши жуда муҳим. Шу сабабли Конституцияга давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради, деган норма қўшилмоқда.

Ўзбекистон томонидан мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши тамойилининг давоми сифатида муносиб меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқи Бош қомусда белгиланиши мантиқан тўғри бўлмоқда. Бу ўзгаришларнинг асосий мақсади – халқнинг меҳнат қилиши, меҳнатига яраша иш ҳақи олиши ва фаровон яшаши учун шароитларни яратишдан иборат.

Энг муҳими, давлат ўз фуқароларининг бандлигини таъминлаш ва моддий шароитини яхшилаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш вазифаларини ўз зиммасига олиши конституциявий даражада белгиланиши бу борада олиб борилаётган эзгу ишларнинг сифат жиҳатдан янги босқичда изчил давом эттирилишини кафолатлайди.

Дилшод ШОУМАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+