Ёшлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи соғлом куч, соғлом фикр, тоза «қон»дир

12.04.2023, 15:32

Ёшлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи соғлом куч, соғлом фикр, тоза «қон»дир

Биламиз ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, умуман жамиятнинг янгиланишида, замон билан ҳамнафас бўлишида ёшларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этиб келган. Зеро, ёшлар мамлакат тараққиётини белгилаб берувчи соғлом куч, соғлом фикр, тоза «қон»дир. Президентимиз ҳар бир масалада улардан руҳланишини, куч олишини, суянишини, ишонишини алоҳида таъкидлайди. Навқирон авлоднинг билимли бўлиши, касб-ҳунар ўрганиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун қайғуради. Бинобарин, фақат билимли авлод бизни дунё халқларига яқинлаштиради, тенглаштиради. Фақат билимли ёшлар бизнинг жаҳон саҳнидаги муносиб ўрнимизни белгилайди.

Давлат раҳбари раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ташкил этилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар ҳам фикримизни яна бир бор тасдиқлайди.  

Йиғилишда, аввало, ишсиз, норасмий секторда банд бўлган ва чет элга ишлагани кетган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада кўплаб янги ташаббуслар билдирилди. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, ишга қабул қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди. Мисол учун, ҳозирда 103 мингдан ортиқ ташкилотларда 254 минг бўш иш ўрни бор. Лекин, ўтган йили олий таълимни битирган 6 мингдан ортиқ, коллеж ва техникумни тамомлаган 30 минг нафар йигит-қиз иш топа олмаган.

Шу боис энди ҳар бир вазирлик ўз тармоғидаги касбларга малака талабини ўзи белгилаши таъкидланди. Шунингдек, вазирликлар олий ва ўрта махсус таълимга буюртма берибгина қолмай, уларнинг ўқув дастурларини бирга ишлаб чиқади.

Ёшлар ҳаётидаги бугунги муаммоларнинг сабаби нима? Шубҳасиз, йигит-қизларимизни бандлиги бўйича белгиланган вазифалар ижросини етарли даражада таъминланмаётганида, уларнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилмаётганида, таълим-тарбия сифатини замон андозаларига мослаштириш оқсаётганида. Видеоселектор йиғилишида шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидландики, яқинда 100 мингдан ортиқ ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада улар маҳалласида спорт билан шуғулланишга шароит ҳамда кўнгилочар масканлар етишмаслигини билдирган.

Шу боис, биринчи босқичда вилоят марказларида, кейинчалик туманларда кечаю кундуз ишлайдиган ёшлар сайилгоҳлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Уларда спорт, киберспорт ва интеллектуал ўйинлар, китобхонлик, караоке учун шароитлар кўзда тутилади. Шунингдек, ҳар бир туманда “Ёшлар сайли” ва ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари ташкил қилинади.

Бугунги кунда 1,5 миллион ёшлар бўш вақтини чет тили ўрганишга бағишламоқда. Уларнинг бу интилишлари рағбатлантирилиб, хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, мактабларда тўгаракларни жиҳозлаш ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, “Баркамол авлод” болалар марказлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Ёшлар ўртасида “Касб-ҳунар олимпиадалари” ташкил қилиниши айтилди.

Таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов шундай ёзади: “Мамлакатни бирлаштириб, жипслаштириб, ички ва ташқи сиёсатини оқилона бошқариб, илм-фанни, маданиятни, қадриятларни асраб ва ривожлантириб, давлат куч-қудратини ошириб, бошқарув тизимини барқарор тараққий эттириш ниҳоятда мураккаб ва масъулиятли, ўз навбатида, шарафли вазифадир. Бунга эришиш учун аввало огоҳ бўлиш лозим...”. Агар биз бугун ёшларнинг маънавий дунёси ҳақида қайғурмасак, ўз вақтида огоҳ бўлмасак, олиб борилаётган улкан ислоҳотларга, ҳамжиҳатликка путур етиши турган гап. Бу аччиқ бўлсада ҳақиқат.

 Йиғилишда айни масала тилга олиниб, маънавий тарғиботнинг қамрови ва таъсирчанлиги пастлиги, ёшларнинг қизиқишлари инобатга олинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиб, уларга соғлом фикр берадиган манбаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.Умуман, бу соҳадаги давлат сиёсатини самарали ташкил этишга қаратилган “Янги Ўзбекистон ёшлари” дастурини ишлаб чиқиш, қонунчиликни ўзгартириш вазифалари белгиланди.

Тўғри ёшлар йўналишида белгиланган вазифалар кўлами, қамрови жуда кенг. Уларни бажариш биринчи навбатда ватанпарварлик ва масъулиятни талаб этади. Шуларни теран ҳис этиб, Абу Али ибн Синонинг қуйидаги ҳикмати ёдимга тушди. «Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди». Шу маънода ўз олдимизга қўйган улуғвор мақсадларни амалга ошириш йўлида учрайдиган тўсиқлардан қўрқмаслигимиз керак. Бу йўл миллат учун ҳаёт-мамот йўлидир. Бир нарсани унутмайлик. Бугун барчамиз давлатимиз раҳбари атрофида жипслашиб, тараққиётнинг шундай босқичига келдикки, энди орқага йўл йўқ, бу йўлда фақат келажак бор, эрта бор.

Шаҳноза Холмахаматова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    275
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+