Бухоролик ёшлар референдумда фаол иштирок этади

14.04.2023, 14:46

Бухоролик ёшлар референдумда фаол иштирок этади

Мамлакатимиз Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ёшларга етказиш мақсадида Бухоро Давлат университетида эвент тадбир ўтказилди.

Эвент-тадбирни университет ректори, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси Обиджон Хамидов кириш сўзи билан очиб,  янгиланаётган Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида йиғилганларга кенг тушунтиришлар берди. Шу билан бир қаторда мамлакатимиз олий таълим тизимида кейинги пайтда рўй бераётган ўзгаришлар, конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган қўшимча ва янги нормалар келгусида ёш авлод камолоти ва  ҳуқуқий ҳимоясида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

- Конституциявий қонун лойиҳасининг 51-моддасида “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” деган норма мустаҳкамланаётгани келажакда Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўша оладиган, етук, ўз соҳасининг билимдони бўлган мутахассисларни камол топтиришга хизмат қилади, – деди университет ректори О.Хамидов.

Дарҳақиқат, Янгиланаётган Бош Қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш,мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Жумладан, нафақат банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисоб варақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда, - деди ўз сўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Асланова.

Шунингдек, тарғибот тадбирида партия вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Д.Ахмедова, Бухоро туманидаги  «Маданият Муҳаммад Исмат» фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов, университет профессор-ўқитувчилари ҳам сўз олиб, Ватанимиз келажаги ҳозирги ёшлар қўлида эканлиги, шу боис уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кундалик турмушнинг келгусидаги орзу-умидлари ушалиши давлат ҳимоясида эканлигини таъкидладилар. 

Тадбир давомида партия фаоллари томонидан иштирокчиларга бўлажак референдумга оид бир қатор буклетлар, кўплаб флаерлар тарқатилди.

- Биз-ёшлар халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ қарамасдан, 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда янгиланаётган Конституция учун овоз берамиз, - дейди университет талабаси Беҳруз Шукуров.

Теглар
референдум
  • Кўрилди
    378
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+