Хизматга туҳмат бўлмаслиги керак

20.04.2023, 11:04

Хизматга туҳмат бўлмаслиги керак

Эслайлик, аҳволи оғирлашган беморларга беминнат тиббий ёрдам кўрсатишга чоғланган шифокорларни айрим калтабин, худбин кимсалар қай тарзда ҳақорат қилганини, ҳатто шафқатсиз тарзда калтаклашганини ижтимоий тармоқларда ҳаммамиз кўрдик. Ва бир овоздан қораладик, лекин бу каби қилмишлар учун айбдорларга ҳуқуқий жазо қўллашга келганда қонунларимизда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш борасида ҳали анча чалкаш ликлар борлиги аён бўлиб қолди.

Шу маънода “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинганлиги айни муддао бўлди. Президентимиз томонидан 2023 йил 27 март куни имзоланган мазкур қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорликнинг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади. Бунга шакшубҳа йўқ. Чунки мамлакатимизда кейинги йилларда тиббиёт соҳасида жуда кенг кўламда ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Биргина энг чекка ва олис қиш лоқлардаги оилавий шифохоналарнинг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланаётгани, малакали врачларнинг олис ҳудудларга бориб ишлаши учун зарур қулайликлар яратиб берилётгани, қолаверса, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бугунги кунда вилоят ва баъзи туман марказларида ўтказилаётгани сўзимизга аниқ мисол бўла олади. Шуни алоҳида эътироф этишни истардимки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини, шошилинч тиббий ёрдамни ва ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тармоғини ўз ичига олувчи уч босқичли миллий тиббиёт модели яратилди, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар самарадорлигини, сифатини ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

Тиббиёт соҳасида ана шундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётган бир пайтда шифокорларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг учраб туриши жуда ачинарли ҳолдир. Яна бир муаммо шундаки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек, шифокорнинг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилгани айни вақтида кўрилган тўғри чора бўлди. Яъни мазкур кодексга қўшилган 19(77)-моддада тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Очиғини айтганда, бундай қонуннинг қабул қилинишини даврнинг ўзи тақозо этаётганди. Ахир ўйлаб кўринг: тиббий ёрдамга муҳтож, ўлим билан олишиб ётган инсонга ёрдам бераётган шифокорга тажовуз қилиш инсофданми? Халқимизда яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш керак, деган ажойиб нақл бор. Шундай экан, жонкуяр тиббиёт ходимларининг фаолияти қонун билан ҳимояланиши ҳамда бу шарафли касб эгаларига кўрсатилган катта эътибор соҳа ривожи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    409
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+