Педагог ходимларнинг жамиятдаги мақоми янада юксалади

03.05.2023, 10:10

Педагог ходимларнинг жамиятдаги мақоми янада юксалади

Мамлакат тараққиётининг янги даврида педагогларнинг нуфузини ошириш, уларнинг моддий турмуш шароитларини яхшилаш, ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли меҳнатини муносиб баҳолашга йўналтирилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Хусусан, умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланиши, ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилгани фикримиз тасдиғидир.

Бироқ, педагогларнинг мақомини ошириш бўйича бугунги кунга қадар амалга оширилган чора-тадбирлар, қабул қилинган ҳужжатлар улар фаолиятини тўлақонли бажаришга, етарли даражада моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлашга асос бўлмаяпти.

Бундан ташқари, давлат таълим ташкилотлари раҳбарлари, таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ота-оналарнинг педагог ходимларнинг касбий фаолиятларига асоссиз аралашувлари улар томонидан таълим сифатини яхшилаш, таълим ва тарбия олувчиларга етарли билим ва кўникмаларни бериш имкониятини бермаяпти.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини ошириш, соҳадаги камчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қонун лойиҳасида давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши, педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши ҳамда давлат таълим ташкилотларидаги педагог ходимларни таълим бериш жараёнида фойдаланиладиган бирламчи ўқув-методик материаллар ва ўқув қуроллари (ручка қалам, қоғоз ва бошқалар) билан давлат томонидан бепул таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ЮНЕСКОнинг махсус низоми, МДҲнинг “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги модел қонуни, Хитой, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Беларусь, Япония каби мамлакатлар тажрибаси атрофлича ўрганилди.

Ялпи мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш бўйича қатор таклифлар берди. Биз, албатта берилган таклифларни cинчиклаб ўрганиб, уларни қонун лойиҳасига сингдирамиз.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши педагог ходимнинг жамиятдаги мақомини юксалтириш, унинг фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларни тартибга солиш ва касбий камол топиши учун шароит яратиш ҳамда ҳуқуқий кафолатларини таъминлашга хизмат қилади.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    844
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+