Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорликни кенгайтириш йўлида

25.05.2023, 18:49

Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорликни кенгайтириш йўлида

Ўзбекистоннинг дунё мамлакатлари билан дипломатик ҳамкорликни ўрнатиши мамлакатимизга халқаро ҳамкорлик қилиш ва ўзаро манфаатли  иқтисодий алоқаларни ривожлантириш имконини бераётир.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг шартномавий ҳуқуқий асосини 14 та ҳужжат ташкил этади, шулардан 6 таси  давлатлар ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралар ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлардир. Олий ва юқори даражадаги доимий мулоқотлар, фаол иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий фаолият, кенг маданий-гуманитар ҳамкорлик томонлар ўртасидаги яқин алоқаларнинг муҳим таркибий қисмларига айланди.

Сингапур Жануби Шарқий Осиёдаги иқтисодий жиҳатдан ривожланган  давлат бўлиб, Жанубий Корея билан бирга “янги саноатлашган” мамлакатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Республика салоҳияти, ҳукуматнинг инвестициявий сиёсати Ўзбекистон учун иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда кенг имконият яратади. Сингапур билан савдо иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимизнинг  Жануби Шарқий Осиёдаги иштирокини кенгайтириш ва шу орқали АСЕАН давлатлари республикаси билан муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши мумкин.

Объектив таҳлиллар шуни кўрсатадики, 1997 йилда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгач, иқтисодий алоқалар мустаҳкамланди. Айни дамда, XX асрнинг 70 йилларига қадар энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланган ушбу мамлакат дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига қўшилди. Ҳозирги кунда Сингапур улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капитали эга юксак ривожланган давлатдир. 6 миллионга яқин аҳолиси бўлган ушбу мамлакатда ялпи маҳсулот 379 миллиард долларни, йиллик даромад киши бошига қарийб 65 минг долларни ташкил этади.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми тобора ортиб бормоқда: 2017 йилдаги 92,6 млн доллардан 2022 йилда 143 млн долларгача (экспорт – 105 млн доллар, импорт – 38 млн долларни ташкил этди). Сингапурга асосан қора металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, қурилиш материаллари, турли хизматлар экспорт қилинади. Импорт таркибидан каучук, резина, оптик буюм ва асбоблари, механик ускуналар, тўқимачилик  буюмлари ва хизматлар ўрин олган.

Мамлакатимиз иқтисодиётида Сингапур инвестициялари ҳажми йил сайин ошмоқда. 2016-2022 йилда Сингапур инвестицияси 700 миллион долларни ташкил этди. Бугун Ўзбекистонда ушбу давлат сармоядорлари иштирокидаги 90 та корхона фаолият юритмоқда. Улар электр техника, тўқимачилик,  озиқ-овқат саноати,  таълим, савдо, машинасозлик ва бошқа йўналишларни  қамраб олган.  Шулардан  80 таси  қўшма, 10 таси  якка тартибдаги корхоналардир.

Таълим соҳаси Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорлигининг энг истиқболли  йўналишларидан. Тошкентда 2008 йилдан буён Сингапур менежментни ривожлантириш институти фаолият юритиб келмоқда. 2021 йилда пойтахтимизда Сингапур бошқарув ва коммуникациялар технологиялари академиясининг филиали ташкил этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси ҳамда Сингапур Миллий университети тизимидаги Ли Куан Ю давлат сиёсати мактаби, шунингдек, Сингапур давлат хизмати коллежи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  2023 йил январда Сингапурга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиқди. Ташриф доирасида бир неча миллиард долларга яқин қўшма лойиҳалар имзоланди. Ушбу тарихий ташриф келажакда икки мамлакатнинг янада яқин алоқаларида янги босқични бошлаб берди.

Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг  юртимизга давлат ташрифи доирасида  2023 йил 24 май куни “Кўксарой” қароргоҳида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан музокаралар бўлиб ўтди. Таъкидлаш  жоизки, ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси ҳисобланади.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлиги ва маданий-гуманитар алмашинув бўйича мулоқотларни фаоллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Сингапурга шу йил январда амалга оширган тарихий ташрифи якунида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Сингапурнинг “Indorama”, “Meinhardt Group”, “Franklin Templeton”, “Enercon”, “PSA”, “Changi Airport” ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапурнинг давлат бошқаруви ва бошқарув кадрларини тайёрлаш борасидаги тажрибасини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Давлат раҳбарлари Марказий ва Жануби-шарқий Осиёда минтақавий интеграциянинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиб, халқаро майдонда, энг аввало БМТ доирасида ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш даражаси юқори эканини қайд этишди.

Умуман олганда, диёримизда  амалга оширилаётган кенг кўламли  ислоҳотлар Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида барча йўналишлар бўйича  ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қўшимча шароит яратади. Бу Ўзбекистоннинг  стратегик муҳим ҳудуд сифатида Жануби-Шарқий Осиёга  янада кириб боришига  хизмат қиладиган ташқи сиёсатини диверсификация қилишига ҳисса қўшади. Ушбу ташриф ҳозирги ўзгаришлар икки мамлакат ўртасида савдо-дипломак, савдо-иқтисодий, таълим ва маданий-гуманитар алоқаларни  чуқурлаштиришга  ижобий  таъсир кўрсатаётганининг белгисидир.  

Актам Хаитов,

O'zLIDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+