Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашди

26.06.2023, 18:11

Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Самарқанд вилоятидаги сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Самарқанд вилояти бўйича ишончли вакили Рустам Холмуродов очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида вилоятда катта ўзгаришлар рўй бергани, шаҳар ва туманлар ҳар томонлама ривожланаётганини эътироф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев маърузасининг бошида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқларни қайд этиб ўтди.

Жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий “драйвери”га айланаётган туризм экспорти 430 млндан 1,6 млрд долларга кўпайди. Бу 140 та хорижий давлат фуқаролари учун виза тизими бекор қилиниши, республикага сайёҳлар кириб-чиқиши жараёнларининг кескин соддалаштирилиши, ички авиарейслар, тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши билан боғлиқ. Самарқандда “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилгани бу соҳадаги имкониятларни оширди. Бундан ташқари, “Амирсой” қишки курорти, Намангандаги “Афсоналар водийси” ҳамда “Зомин” ва “Чорвоқ” зоналари кўплаб хорижий сайёҳлар эътиборини тортадиган халқаро туризм масканларига айланди. Энг муҳими, мамлакатимизда ички туризм ривожига катта туртки берилди.

Шавкат Мирзиёев сайловчиларни келгуси 7 йилда туризмни ривожлантириш бўйича режалари билан таништирди. Юртимизга келадиган хорижий туристлар сонини 15 млнга, туризм экспортини 5 млрд долларга етказиш мўлжалланган. Бунинг учун автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспорти тармоғи кенгайтирилади. Умуман, туризм соҳасини ривожлантириш ва инфратузилмасини барпо этишга жами 10 млрд доллар йўналтирилади.

Шунингдек, номзод Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳақида гапирар экан, ҳудудга 6 млрд доллар инвестиция киритилгани, тадбиркорлар сони 3 марта кўпайиб, 48 минг нафарга етгани ва натижада 150 мингта доимий иш ўрни яратилганини таъкидлади.

Саноат тармоғида 10 мингга яқин автомобилсозлик, металлургия, электротехника, тўқимачилик, заргарлик ва қурилиш материаллари корхоналари фаолият юритмоқда. Илгари саноати ривожланмаган Пахтачи ва Нуробод туманларида ҳам саноат корхоналари ташкил этилиб, ишлаб чиқариш 2 марта ўсгани таъкидланди. Ижтимоий соҳада 730 та маҳаллада йўл, сув, электр ва газ таъминоти, тиббиёт, мактаб ва боғча масалалари ҳал қилинди.

Шавкат Мирзиёев вилоятни иқтисодий ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича режаларини баён қилди. Жумладан, келгуси 7 йилда вилоятда 100 минг квартирали 2 минг 300 та замонавий ва ҳамёнбоп уй-жой қурилади. 110 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади, бирорта маҳаллада боғча муаммоси қолмайди. Самарқанд шаҳри “Тиббий хизматлар хаби”га айлантирилиб, кардио-жарроҳлик ва минтақавий нейрохирургия марказлари, перинатал марказлар, ўткир юрак қон-томир касалликлари марказлари ташкил қилинади.

Самарқанд вилоятининг илмий салоҳиятини ошириш, ёшларга билим, замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш мақсадида Туркия билан ҳамкорликда Иммунология ва био-медицина маркази, “Квант компьютери” ва “Биг дата” технопарки фаолияти йўлга қўйилади. Шу тариқа Самарқандни Илм-фан ва технологиялар марказига айлантириш дастури амалга оширилади.

Бундан ташқари, вилоят мева-сабзавочилик, кўчатчилик, чорва ва парранда наслчилиги бўйича республикада етакчи илмий марказга айланади. Германиялик ҳамкорлар билан “Республика наслчилик ва селекция маркази” иш бошлайди. Ҳудуднинг йирик корхоналари билан қора металлургия, қурилиш материаллари саноати, тўқимачилик ва юк автомобилсозлиги бўйича “изланиш ва ривожланиш” марказлари ташкил этилади.

Самарқанд шаҳрида “Ёшлар шаҳарчаси” бунёд этилиб, унда 4 та хорижий университет кампуслари билан жойлаштирилади. Натижада олий таълим билан қамров даражаси 65 фоизга етказилади.

Келгуси 7 йилда 22 млрд долларлик 10 мингдан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига Самарқанд ялпи ҳудудий маҳсулоти 3 марта ошади ва 200 трлн сўмга етказилади. Саноат маҳсулотлари ҳажми 2,5 баробар кўпайтирилиб, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 28 фоизга етказилади. Экспорт ҳажми 4,5 баравар ошиб, 2,5 млрд доллардан ортади. Натижада 220 мингта доимий ва юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Хитойлик инвесторлар билан бирга ҳудуддаги металлургия заводи, вольфрам конларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш лойиҳаслари кенгайтирилади. Хорижий ҳамкорлар билан бирга энергия тежовчи замонавий трансформатор ишлаб чиқариш, автомобиль шинаси ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи қуёш ва шамол электр станциялари йўлга қўйилади.

Самарқанд, Пастдарғом, Оқдарё ва Тойлоқ туманлари ҳудудидан 18 минг гектар ер майдони шаҳар таркибига ўтказилади. Ўлмас обидалари билан Самарқанд шукуҳини дунёга намоён қилган Баҳодир Ялангтўш хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг номи билан аталадиган хиёбон барпо этилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб, Самарқанд аҳолисининг сувга бўлган талаби 10 фоизга ортади. Сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириб, йилига 1 млрд метр куб сувни иқтисод қилишимиз лозим. Бунинг учун экин майдонларида сувни тежовчи тизимлар жорий этилади, сув танқис ерлар ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади, сув омборлари қурилади.

Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида келгуси қишлоқ хўжалигида 2 млрд долларлик 1 минг 250 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, қўшимча 4 та “Ин-Витро” лабораторияси ташкил қилиниб, серҳосил, сувсизлик ва касалликка чидамли уруғларнинг маҳаллий навлари яратилади, айрим туманлар картошкачиликка ихтисослашади. Қўй ва эчкичилик кластерлари, йирик агрологистика маркази ташкил қилинади.

Номзод Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти бўйича белгиланган катта марраларга эришиш учун алоҳида дастур қабул қилинишини ва бунга жами 32 млрд доллар йўналтирилишини таъкидлади.

Учрашув якунида партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида O‘zLiDePдан номзод Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашларини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    1114
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+