Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашди

27.06.2023, 18:28

Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Жиззах вилоятидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Жиззах вилояти бўйича ишончли вакили Байрамбек Узоқов очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда, аҳоли турмуш даражасида намоён бўлаётганини қайд этди.

Хусусан, илгари саноати асосан ун, ёғ ва пахтадан иборат бўлган Жиззах вилоятида бугунги кунда қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, оптик тола, автомобилсозлик каби юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоқлар пайдо бўлди. Охирги 6,5 йилда ҳудуд иқтисодиёти 1,4 марта ўсиб, 27 трлн сўмни ташкил этди. Бунда саноат ҳажми 2 млрд долларлик лойиҳалар ҳисобига 1,8 баробар кўпайди, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2 карра ошиб, 20 фоизга яқинлашди. Саноат ҳудуднинг барча туманларига кириб, аҳоли даромадларини оширди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 400 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Мактабгача таълим қамрови 16 фоиздан 75 фоизга, олий таълимда эса 14 фоиздан 34 фоизга етди. Тиббиёт муассасалари сони 280 тадан 450 тага ошди. Маҳаллаларга 700 км дан зиёд сув тармоқлари ўтказилиб, 250 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, 6,5 минг оилани уй-жой билан таъминлаш учун 2 трлн сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада аҳолининг турмуш шароити яхшиланди, унинг эртанги кунга ишончи кучайди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бешта стратегик йўналишдаги режаларини баён қилди.

“Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида аввало шу соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа экани таъкидланди. Жумладан, 2030 йилгача Жиззах вилоятида 400 та янги боғча ва янги мактаблар қурилади, мавжудларининг қуввати оширилади. Натижада мактабгача таълим қамрови 100 фоизга етказилади.

Аҳоли саломатлигини асраш доирасида 85 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади. Хусусан, аллергология, урология, нейрохирургия каби 12 та ихтисослашган марказ филиаллари, перинатал марказлар ишга туширилади.

Аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини қондириш мақсадида 25 минг оилага мўлжалланган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.

Вилоятда энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласи бўйича Зарафшон дарёсидан 160 километр магистрал қувур тортилиб, 600 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. Ҳудуднинг марказлашган ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади.

Учрашувда маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўйиб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал қиладиган халқчил тизим яратилиши ҳақида айтиб ўтилди. Жумладан, маҳалладаги “бешлик” сафига солиқ инспектори ва ижтимоий ходим қўшилиб, “еттиликка” айланади.

2030 йилга қадар вилоятда камбағаллик даражасини 16 фоиздан 5 фоизга қисқартириш, 370 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳар бир туманда ишсиз аҳолини касбга тайёрлайдиган моно-марказлар ташкил этилади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 5 трлн сўм имтиёзли кредит ажратилиб, лойиҳалар “қўл меҳнати”дан саноатлашган ишлаб чиқариш босқичига ўтказилади.

Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида кейинги 7 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар оширилади. Саноат маҳсулотлари экспорти 6 карра оширилиб, 1 млрд долларга етказилади. Вилоятга 14 млрд доллар инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан зиёд лойиҳалар ишга туширилади.

Ҳудудда пахта ва ғалладан бўшаган 14 минг гектар ер аҳолига берилгани натижасида 100 минг киши банд бўлган. Энди яна 15 минг гектар озиқ-овқат етиштириш учун ажратилади. Аграр соҳада 1,3 млрд долларлик 1,5 мингта лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 1,5 карра оширилади, экспорти 500 милн долларга етади. Экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий этилади, кўп каналлар бетон қопламага ва ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ёшлар масаласига алоҳида тўталиб ўтди. Номзод мамлакатимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиш борасидаги режа ва мақсадларига алоҳида тўхталиб ўтди. Ёшлар ғояларини “тайёр бизнес”га айлантиришга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир вилоятда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази” ташкил этилиб, у “Лойиҳалар фабрикаси” бўлади.

Сингапур тажрибаси асосида таълимнинг барча босқичларини ўсиб бораётган миллий иқтисодиётимиз эҳтиёжларига мослаштирилади. Бунинг учун мактаблардаёқ ёшлар қобилиятини аниқлаб, билимлар аниқ касблар билан боғлаб ўргатиладиган тизим яратилади. Олийгоҳларда амалиётга йўналтирилган айрим касбларга тайёрлаш муддатлари бакалавриат йўналишларида 3 йил этиб белгиланади, 1 йиллик магистратура дастурлари жорий қилинади.

Миллий иқтисодиёт, экспорт драйверига айланаётган Ай-ти соҳасини янада ривожлантириш доирасида ёшларнинг энг яхши “Ай-ти стартаплари” учун 250 миллион сўмгача грантлар ажратилади. “Мактаб – олийгоҳ – Ай-ти компанияси”дан иборат яхлит Ай-ти таълим ва хизматлар занжири яратилади.

Ёшларни спортга жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тайёрлаш ва спортни янада қўллаб-қувватлаш доирасида 12 та спорт тури бўйича “маҳалла – сектор – туман – вилоят – республика” босқичларидан иборат оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. 5 мингта маҳаллада универсал спорт майдончалари барпо этилади.

Ёшларни тарбиялашда миллий анъаналар билан бирга, умумбашарий қадриятлар ва дунёнинг илғор ютуқларини уйғунлаштириш мақсадида ҳар бир маҳаллада “Мустақил ривожланиш” марказлари ташкил қилиниб, уларда ижодий ва кино кечалари, викториналар, бошқа билимга чорлайдиган, муҳими томошабинлар талабига мос тадбирларни ўтказиш йўлга қўйилади. Ҳар бир туман марказида кеча-ю кундуз ишлайдиган “Ёшлар сайилгоҳлари” барпо қилинади.

Учрашувда партия вакиллари ва бошқа сайловчилар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    743
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+