O'zLiDeP тадбиркорнинг бузилган мулкига компенсация тўланишига амалий ёрдам бермоқда

17.10.2023, 17:23

O'zLiDeP тадбиркорнинг бузилган мулкига компенсация тўланишига амалий ёрдам бермоқда

Президентимиз бир неча йил аввал илгари сурган халқчил, ҳаётий тамойил – одамларни эртага эмас, бугун рози қилиш, афсуски, ҳалигача айрим мутасадди идоралар дастуриламалига айланганича йўқ. Шу боис баъзи фуқаролар, хусусан, тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатлар юз беряпти. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган ана шундай ҳодисалардан бирига партиямиз жиддий эътибор қаратяпти.

O'zLiDeP Тошкент шаҳар ва Олмазор туман кенгашлари депутатлари томонидан олиб борилган ўрганишлардан маълум бўлишича, пойтахтимиздаги Келес йўли кўчаси кенгайтирилиши туфайли тадбиркор Улуғбек Назировга қарашли савдо дўкони ҳам бузилиши режалаштирилган ва бу режа амалга оширилган.

Мутасаддилар мазкур кўчада кўчмас мулклари жойлашган тадбиркорлар билан учрашув ўтказиб, бузилган иншоот эвазига компенсация тўланишини билдиришган.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида “...олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди”,  дея белгилаб қўйилган бўлса-да, тилга олинган тадбиркорга бир неча ойдан буён бузилган мулк учун ваъда қилинган компенсация тўланмаяпти ва бу борада у кўплаб бюрократик чигалликлар, сансалорликларга дуч келмоқда.

O'zLiDeP депутатлари томонидан ишбилармонга амалий ёрдам бериш ва бузилган мулк учун компенсация тўланишини таъминлаш юзасидан амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур воқеа партия диққат марказида турибди. Жамоатчилик назорати асосида фаолларимиз ва депутатларимиз ўрганиш ишларини давом эттиряпти. Уларнинг натижалари мунтазам эълон қилиб борилади.

  • Кўрилди
    375
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+