Агровольтаика – қишлоқ хўжалиги учун “яшил” энергия ва қулайлик

06.01.2024, 11:58

Агровольтаика – қишлоқ хўжалиги учун “яшил” энергия ва қулайлик

Сўнгги йилларда дунё иқлим ўзгариши муаммоларига ва барқарор энергия манбаларига ўтиш зарурлигига кўпроқ эътибор қаратмоқда. Қуёш энергетикаси қайта тикланадиган энергиянинг энг истиқболли манбаларидан бири ҳисобланиб, кўплаб мамлакатларда муқобил енергия манбаси сифатида кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистонда иқлим шароити ва қуёш энергетикаси салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда агровольтаикани ривожлантириш қишлоқ хўжалиги ва экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим истиқболли имкониятларидан бири ҳисобланади.

Aгровольтаика ёки қуёш фермалари – бу қуёш панеллари қишлоқ хўжалиги участкаларида ёки экинлар устида ўрнатиладиган, бир вақтнинг ўзида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган ва экинларни ноқулай об-ҳаводан, куёшнинг зарарли нурларидан ҳимоя қиладиган, буғланишни камайтирадиган ва уларнинг ўсиши учун қулай шарт-шароитларни яратадиган комбинацияланган тизимдир. Мамлакатимизда агровольтаикадан фойдаланиш бир қанча муҳим афзалликларга эга.

Биринчидан, диёримиз ўзининг қуёшли иқлими ва кенг қишлоқ хўжалиги ҳудудлари туфайли салмоқли қуёш энергияси салоҳиятига эга. Қуёш фермаларини жойлаштириш учун ушбу ерлардан фойдаланиш электр энергиясини ишлаб чиқаришни оширади ва кўмир ва газ каби анъанавий энергия манбаларига қарамини камайтиради.

Иккинчидан, агровольтаика қишлоқ хўжалиги учун бир қанча имкониятлар беради. Далаларга қуёш панелларини ўрнатиш ўсимликлар учун соя ва ҳимояни таъминлайди, бу айниқса юқори ҳарорат ва қуёш нурлари экинларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иссиқ ҳудудларда муҳимдир. Бундан ташқари, агровольтаикадан фойдаланиш қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириши мумкин, чунки буғланиш камаяди ва тупроқдаги намлик сақланиб колинади.

Учинчидан, агровольтаикани ривожлантириш қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади. Қуёш фермаларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш энергетика ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари ўртасида ҳамкорлик қилишни талаб қилади ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши ва иқтисодий ўсишга ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда агровольтаикани юртимиздаги қишлоқ хўжалиги майдонларида ўрнатиш ва фойдаланишни кенг жорий қилиш ҳар жиҳатдан иқтисодий тараққиётимизга катта ижобий таъсир кўрсатади.

Шаҳзод Шухратбеков

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Бизнес

тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    286
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+