Навоийлик томорқачи аёл бозорга кунига 250-300 килограмм бодринг топшириб келаяпти

05.05.2021, 09:40

Навоийлик томорқачи аёл бозорга кунига 250-300 килограмм бодринг топшириб келаяпти

Тадбиркорнинг ҳар бармоғидан барака томади. Сабаби у қийинчиликдан қўрқмайди, муваффақиятсизликни енгиб ўтади, меҳнатдан қочмайди.

Шу боисдан ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш масалалари мамлакат миқёсида энг муҳим жараёнга кўтарилди.

Жойларда тадбиркор ва фермерлар фаолиятини ўрганиш, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг маҳоратларини ёйиш мақсадида давлат ва ҳукумат вакиллари, шунингдек, депутатлар халқ орасидадирлар.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси спикер ўринбосари А.Ҳаитов Навоий вилояти Кармана туман "Пахтобод" маҳалласида истиқомат қилувчи Р.Саидова хонадонида бўлиб, меҳнатидан донг таратган аёл билан суҳбатда бўлди.

– Биринчи иссиқхонамни қурганимга қарийб 25 йил бўляпти. 10 йил помидор экдим. 14 йилдан буён бодринг етиштирмоқдаман. Бодринг тез етилувчан ва яхши даромад берувчи маҳсулот. Ҳар куни камида 250-300 килограмм бодринг топшириб келаман бозорга.

Помидордан фойда кўрмадим, десам нотўғри бўлар, лекин ўн йиллик фойдамни бодринг етиштириб бир йилда топдим. Томорқамдан бир йилда тўрт марта фойдаланаман. Йилига бодрингдан 45 миллион соф фойда кўряпман.

Кейинроқ паррандачиликка ҳам қизиқиш уйғонди. 7 йил давомида бролер товуқ боқдим.Тадбиркорликнинг бу тури менга йилига 20 миллион фойда берди. Энг катта товуғим 9 килограмм чиққан.Ўша куни уйда ун тугаган экан. Қани нима бўларкан, деб ўша 9 килолик товуқни бозорга обориб сотдим. Буни қарангки, битта товуқнинг пулига бир қоп ун олдим. Энди қуёнчилик билан ҳам шуғулланмоқчиман. Томорқаниям, тадбиркорликниям ўзимда экин-текин туфайли айланаётган даромад орқасидан қилдим. Кредит ҳам, қарз ҳам кўтарган эмасман. 

Қўни-қўшниларимни ҳам томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ўргатганман. Бизнинг маҳалламизда ҳеч ким ерини қаровсиз қолдирмайди. Фарзандларим ҳам ўз оиласида томорқа тадбиркорлиги билан шуғулланади. Ерга тўкилиб, ҳаётдан ҳам орқада қолиб кетган эмасман. Биздай тадбиркорларни қўллагувчи OʼzLiDePга аъзо бўлганман. Яхши томорқачи эканлигимдан қандай ғурурлансам, Либерал партия аъзоси эканлигимдан ҳам шундай фахрланаман,--дейди Р.Саидова.

20 сотих ерга 7 та иссиқхона қуриб, ортиқча ишчи кучидан фойдаланмай тер тўкиб, меҳнат қилаётган Райҳон опа «Намунали томорқачи» медалига ҳам сазовор бўлди. У мана шу еттита иссиқхонасига ҳар йили 21 минг туп бодринг экади. Уч айлантириб ҳосил олиш учун ўзини ҳам, тупроқни ҳам тиндирмайди.

Спикер ўринбосарининг 9 килограммлик товуқ боққан томорқачи билан суҳбати ерни тўйинтириш сирларидан тортиб, бугунги ёшларни тупроқдан даромад кўришга ўргатишгача давом этди. А.Ҳаитов таклифи билан ер тақсимланган Навоий шаҳар Чутқора массивидаги 40 нафар ёшлар Р.Саидовага бириктириладиган бўлди.

Ҳали ернинг инжиқликларини тушунмай турган ёшлар учун учрашувлар ташкил қилиниб, Р.Саидованинг маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилди.

Учрашув сўнггида O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти намунали томорқачига ўз совғасини топширди.

М.Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилояти

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    325
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+