Депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик суст эканлигини танқид қилишди

09.09.2022, 16:08

Депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик суст эканлигини танқид қилишди

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш  борасида вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан “Ҳудудгаз Қашқадарё филиали” директорининг газ сотиш бўйича ўринбосари Ўткир Зоиров, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ капитал қурилиш бўйича директори Нурбек Исматовларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Партия депутатлари кузги-қишки мавсумда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси билан таъминлаш борасида ишлар талабга жавоб бермаслигини танқид қилдилар. Хусусан, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги ишлар кўнгилдагидек эмас. Тарқатувчилар газ баллонларини ўз вақтида келтиришмайди. Қувурларни мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида бўёқлаш сифатсиз бажариляпти, газ тақсимлаш пунктларидаги ускуналар  муттасил таъмирланмаётганлиги боис табиий газ йўқотиш кундан- кунга ортиб бораяпти.

- “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Президентимизнинг жорий йил 18 мартдаги “2022 — 2026 йилларда “Обод қишлоқ» ва “Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасидаги электрлаштириш ишлари мутлақо талабга жавоб бермайди,- дейди вилоят кенгаши депутати Сирожиддин Норқобилов. – Ғузор туманидаги Янгикент маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли учун 23,8 км электр тармоғи ва 4 дона  трансформаторни, Яккабоғ туманидаги Ишкент қишлоғи аҳолиси учун 13 км электр тармоғи ва 2 дона трансформатор пунктини янгилаш ишларига ҳалигача қўл урилгани йўқ. Чироқчи тумани Мустақиллик МФЙдаги ишлар ҳам бор йўғи беш фоиз амалга оширилган холос. Деярли барча ҳудудда шу аҳвол. Ҳадемай совуқ кунлар бошланади. Жамият раҳбарияти зиммаларидаги вазифаларни бажаришга сидқидилдан киришишмаса, аҳолини электр нурни билан таъминлашда муммолар юзага келиши табиий. 

Йиғилиш сўнгида вилоят аҳолисини кузги-қишки мавсумда табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди. Ҳисоботларни депутатлар томонидан билдирилган камчиликларни бартараф этилгандан сўнг қайта эшитишга  келишиб олинди. 

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+