Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда

27.03.2023, 14:28

Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда

Уйчи туман маданият марказида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ташвиқотига бағишланган тадбир ташкил этилди.  

Унда  Сенат аъзоси, Қонунчилик  палатаси депутати, вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, МФЙлар раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, нуронийлар қатнашдилар.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати Барно Мирзамова янги таҳрирдаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, янги нормалар, қонунлар ва қонуности ҳужжатларнинг жамиятимиз, шу жумладан, ҳар бир инсонга қай даражада муҳимлиги ҳақида атрофлича тушунтириб ўтди.

Хусусан, Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда. Масалан, 2 миллион 200 минг эҳтиёжманд оилалар давлатдан моддий ёрдам олишини кафолатлайди. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 триллион сўм ажратилади.

Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.

Тадбирда сўз олганлар барчани янги Ўзбекистон тараққиёти учун бирлашишга, бунинг учун эса референдумда фаол қатнашишга чақирди.

  • Кўрилди
    376
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+