Шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас

31.03.2023, 15:59

Шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас

Айни кунларда O‘zLiDeP фаоллари 30 апрелm куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ҳудудларда ташвиқот тадбирларини ташкил этиб, Бош қомусимизга киритилаётган халқчил ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришда жонбозлик кўрсатмоқда. 

Шундай тадбирлардан бири партия Хатирчи туман кенгаши томонидан Жалойир маҳалласида ташкил этилди.

 Учрашувда сўз олганлар Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти, унинг инсон ҳуқуқларини химоя қилишга доир  муҳим жиҳатлари хусусида маълумотлар берди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.

Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.

Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлаши қайд этиб ўтилди.

Тадбир сўнггида ташкилотчилар йиғилганларни референдумда фаол иштирок этишга чақиришди.

 O'zLiDeP Навоий вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
референдум
  • Кўрилди
    428
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+