Конституцияда ёшлар масалалари алоҳида боб бўлиб киритилмоқда
19.04.2023, 14:57
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани марказида “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиори остида ёшлар сайли ташкил қилинди.
Сўзга чиққанлар янгиланаётган бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталар экан, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси энг аввало инсон қадри учун эканлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришди.
Ўзбекистон – ёшлар мамлакати, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Конституцияда ёшлар масалалари бўйича алоҳида боб киритилаётгани ҳам бежиз эмас.
Қайд этиш зарурки, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги тизимли ишларни амалга ошириш учун бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларни умумлаштирувчи конституциявий нормага эҳтиёж сезилаётган эди.
Конституциявий қонун лойиҳасини шакллантириш жараёнида ҳам ёшлар вакиллари юқори даражадаги фаоллик кўрсатишди. Бунинг ёрқин ифодаси сифатида аҳолидан келиб тушган 220 мингдан зиёд таклифлардан 64 фоизи мазкур қатламга тегишли бўлганини кўрсатиш мумкин.
Янгиланаётган Конституцияда биринчидан, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, деган норма мустаҳкамланмоқда. Биз демократик, ҳуқуқий давлат қуришга интилар эканмиз, бунга келажагимиз бўлган ёш авлоднинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмасдан туриб, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини таъминламасдан туриб, ҳеч қачон эриша олмаймиз.
Иккинчидан, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратади, деган меъёр киритилмоқда. Ёшларимизнинг ҳар томонлама ривожланиши учун уларга тегишли имкониятлар, яъни соғлом ва уй-жойли бўлиш, таълим олиш, ишга жойлашиш, банд бўлиш ва дам олиш имкониятларини яратиш зарурдир. Давлат бу борада тегишли шарт-шароитларни яратиш бўйича мажбурият олмоқда, чунки мазкур нормалар, нафақат ёшларимиз манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг фаровон тақдири учун муҳимдир.
Тадбир давомида спикерлар барча ёшларни мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнда фаол бўлиш ва қўллаб-қувватлашга чақиришди. Сайл қорақалпоқ халқининг эл севган хонандаларининг куй-қўшиқлари билан давом этди.
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
кенгаши матбуот хизмати
Ўхшаш янгиликлар
-
Янги Конституциядаги талай нормалар асосий электоратимиз манфаатларини ифодаламоқда
03.05.2023, 18:28
-
“Референдумда фаол иштирок этамиз” дейишмоқда зарафшонлик ёшлар
28.04.2023, 15:09
-
Янгиланаётган бош қомусимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланмоқда
28.04.2023, 15:04
-
Эртанги кунингизга бефарқ бўлманг, референдумда фаол иштирок этинг
28.04.2023, 11:45
-
“King garment textile” корхонаси раҳбари Гулрух Худойбердиева: “Имкониятлардан унумли фойдаланяпмиз”
28.04.2023, 11:38
Фикрингизни қолдиринг